© Ибадулла Самандарович Байджанов, 2016
© Рустам Ибадуллаевич Самандаров, фотографии, 2016
Редактор Абдулла Сафоев
Корректор Махмуд Ибадуллаевич Самандаров
Корректор Рустам Ибадуллаевич Самандаров
Корректор Меҳрибон Сафоева
ISBN 978-5-4483-5005-4
Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero
Сўз боши
Хоразм! Бу биргина калимани тилга олишимиз биланоқ кўз ўнгимизда жаннатмакон ўлка намоён бўлади, қалбларимиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлиб тошади. Ўз бағрида Аль-Хоразмий, Беруний, Паҳлавон Маҳмуд, Шайх Нажмиддин Кубро, Аз-Замахшарий, Огаҳий, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ зотларни камолга етказган ва улар орқали ўзбекнинг шон-шуҳрати, ақл заковати, ирода ва жасоратини жаҳонга танитган бу табаррук тупроқнинг ҳар қаричи кўзга тўтиё, муқаддас. Президентимиз И. А. Каримов Хиванинг 2500 йиллиги юбилейи тантаналарида сўзлаган табрик нутқида «Хоразм муқаддас замин, ўзбек давлатчилигининг тамал тошлари бундан 2700 йил муқаддам айни Хоразм воҳасида қўйилган. Хоразм тарихи ўзбек давлатчилигининг асоси, унинг қудрати ва қадимийлигининг тасдиғидир» деган эди. Юртбошимизнинг ишонч билан айтган бу сўзлари ҳар бир хоразмлик қалбини тўлқинлантириб, ота-боболаримизга муносиб бўлиб яшашга ундайди.
Агар кўҳна Хоразм харитасининг ўтмиши ва бугуни билан танишадиган бўлсак, унинг маркази Урганчда ҳам улуғвор ишлар амалга оширилганлигининг гувоҳи бўламиз. Бир-биридан муҳташам бинолар, йўллар, хиёбонлар, боғлар барпо этилди. Аэропорт, вокзал, кинотеатр, меҳмонхона, мустақиллик шарофати билан қурилган қўшма корхоналар – Урганч кўрки, Хиванинг 2500 йиллиги, Урганчнинг 350 йиллиги муносабати билан воҳа маркази янада гўзаллашди, обод, кўркам, хушманзара масканга айланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра 1999 йилда бирданига икки улуғ сана – Ватан озодлиги йўлида жонини фидо қилган довюрак курашчи, миллий қаҳрамон, жаҳон халқлари тарихида ўчмас из қолдирган Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллиги ҳамда халқимизнинг миллий маданияти, маънавияти ва маърифати тараққиётига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, тарихнавис, таржимон, давлат арбоби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 190 йиллиги тантаналари ҳам айнан Хоразм маркази Урганч шаҳрида кенг нишонланади. Ана шу юзадан чиқарилган қарорлар бўйича бу улуғ анжуманларга қарата тайёргарлик ишлари аллақачон бошланиб кетди. Белгиланган тадбирларга кўра кенг кўламда бунёдкорлик, ободонлаштириш, ташвиқот ишлари олиб борилади. Хоразм, бу муқаддас масканда камолга етган улуғ инсонлар, Урганч ва урганчликлар ҳақида қатор рисолалар чоп этилади. Шулар қатори ушбу китоб ҳам икки улуғ айёмга арзугулик тўёна ҳисобланади. Бу китобда воҳа юраги ҳисобланган Урганч мисолида муқаддас заминимиз Хоразмда туғилиб, камолга етган буюк инсонлар, ота-боболаримизга бўлган муносабат чин дилдан изҳор этилади, Урганчнинг ўтмиши бугуни ҳақида фахр билан ҳикоя қилинади.
Китобнинг иккинчи қисмида эса шаҳар муҳитида уйсозлик, қурилиш жараёнлари, атроф худудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иморат ва иншоотларни таъмирлаш, безаш, турли лойиҳалар тайёрлаш ва танлаш, шаҳарларнинг меъморий санъатга оид маданияти каби муҳим масалалар юзасидан қимматли фикр – мулоҳазалар билдирилади, аниқ ва фойдали, қулай таклифлар ўртага ташланади. Бу жиҳатдан ушбу китоб ҳокимликлар, меъморлар, лойиҳачилар шаҳар таъмирланиши ва янги қурилишлар билан боғлиқ ташкилотлар, қурилиш соҳаси мутахассислари тайёрлайдиган ўқув юртлари талабалари учун муҳим услубий қўлланма бўла олади.
Китоб муаллифи ҳақида икки оғиз сўз: Ибадулла Байджанов – асли Урганч шаҳрида туғилган. Хоразмнинг иқтидорли меъмори. Ўз соҳасини чуқур ва яхши билади.
Хоразм тарихида биринчи бўлиб меъморчилик фанлари номзоди унвонига сазовор бўлди. Республикада ўз меҳнати, ижодий изланишлари билан кўзга кўринган талантли мутахассис, истеъдодли олим. Ташкилотчи ва ташаббускор раҳбар. Мен узоқ йиллар қатор қурилиш ташкилотларида раҳбар бўлиб ишлаганлигим сабабли Ибадулла Байджановни қурувчилик, бунёдкорлик ишларига қўшган ҳиссасини яхши биламан. Айниқса 15 йилдан зиёд Урганч шаҳар бош архитектори вазифасида ишлаб, воҳамиз марказини чиройли ва кўркам манзара кашф этишида жонбозлик кўрсатди. Аэропорт, вокзал, марказий универмаг, қатор маданий – маиший бинолар, микрорайонлар бунёд қилинишида И.С.Байджановнинг хизматлари катта. 1988 йилдан буён Урганч қурилиш колледжи директори вазифасида сидқидилдан фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг бевосита ташкилотчилиги ва ташаббуси билан техникум колледжга айланди. «Архитектура», «Халқ хўжалигини ривожлантириш ва иқтисод», «Қурилишни кўкаламзорлаштириш», «Қурилишда тижоратчилик», «Хўжалик ҳуқуқшуноси», «Молия», «Менежмент» каби мутахассисликлар бўйича янги бўлимлар очилди. Янги ўқув биноси қад ростлади. Боғ, хиёбон, гулзорлар яратилди.
Ибадулла Байджанов «Урганч шаҳар архитектураси», «Диплом лойиҳалаш услуби», «Меъморлар маскани» каби қатор рисола, монографиялар, республика вақтли матбуотда босилган 120 дан ошиқ илмий оммабоп мақолалар муаллифи ҳамдир. Унинг ушбу янги китоби икки улуғ анжуманга муносиб тўёна бўлиши билан бирга энг муҳими ўз она юртига, ота-боболаримизга, мустақил диёримизга бўлган меҳр-муҳаббат ифодаси ҳамдир.