Читать онлайн полностью бесплатно Оқилжон Ғофуров - Инсон бугун ва эртага…

Инсон бугун ва эртага…

Хар йил ва хар бир кун бизга янгидан янги мўжиза ва иҳтироларни тақдим этади, бироқ бу зайилда кетганида, қандай натижага учрайди инсоният. Табиатимиз қай холда келиб қолади.

Редактор Боходир Хошимович Каримов

Редактор Ибратжон Хатамович Алиев

Иллюстратор Ибратжон Хатамович Алиев

Дизайнер обложки Ибратжон Хатамович Алиев

Корректор Ибратжон Хатамович Алиев


© Оқилжон Ахмедович Ғофуров, 2021

© Ибратжон Хатамович Алиев, иллюстрации, 2021

© Ибратжон Хатамович Алиев, дизайн обложки, 2021


ISBN 978-5-0055-2472-0

Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero

ИНСОН БУГУН ВА ЭРТАГА…

АЙТМАТОВ ҲАЙҚИРИҒИ ЁХУД НОСТРАДАМУС БАШОРАТЛАРИ

«Ер юзида қанчадан-қанча тирик махлуқот борлигини ва яна қанчадан қанчаси инсон қўли билан йўқотиб юборилганини ўйласанг, беихтиёр баданинг жунжикиб кетади.»

Чингиз Айтматов

Юксак эстетик тафаккур қудрати билан дунё эстетик тафаккурини янгилашга муваффақ бўлган буюк мутафаккир адиб Чингиз Айтматов ижодида япон файласуфи Дайсаку Икэда ҳамда қозоқ шоири Мухтор Шохонов билан давомий суҳбат-мулоқотлар натижасида дунёга келган «Руҳ юксаклигига қасида» ҳамда «Чўққида қолган овчининг оҳи-зори» номли суҳбат-китоблар ҳам моҳиятан катта салмоққа эга.

«Инсониятга чексиз ишонч ва меҳр-муҳаббат маҳсули» ўлароқ дунёга келган «Чўққида қолган овчининг оҳи-зори» китоби муқаддима қисми ҳамда етти бўлимдан иборат. Унинг бўлимларидан бири «Адашган оққушлар қичқириғи ёки медузаларнинг сири» деб номланади.

Фикр-мулоҳазаларимиз шу ҳақда.

Эътироф этиш жоизки, фан-техника тараққиёти дунё миқёсида жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Инсоният юксак тамаддун сари дадил одимламоқда. Бошқа жиҳатдан, жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши инсонни аста-секин табиатдан бегоналаштираётгандек. Инсон ва табиат муносабатлари глобал миқёсдаги муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Ер, ер ости бойликлари, сув, ҳайвонот ва наботот дунёси бебаҳо умуммиллий бойлик экани, улардан оқилона фойдаланиш зарур эканлигини одамзод унутиб қўймаяптими? Улар ўртасидаги биологик алоқалар издан чиқса, нохуш оқибатларга олиб келишини англаб етмаяптими? Модомики, табиат – яхлит бир тизим, шундай экан, инсон табиат билан доимо уйғунликда яшамоғи керак. Барча мавжудотлар ичида ҳаёт гултожи бўлмиш инсон гоҳида худбинликка берилиб, табиат устидан зўравонлик қилмаяптими? Ғайриэкологик хатти-ҳаракатлари билан ҳалокат ёқасига элтувчи яширин хавф-хатарлар кўламини янада кенгайтирмаяптими?



Суҳбатдошлар – Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохонов қалбларини қийнаб, чуқур қайғуга солаётган долзарб умуминсоний муаммолар теварагида атрофлича, теран мушоҳада юргизадилар. Бўлим аввалида Айтматов ҳикоя қилган машҳур овчи Хўжаёш ва унинг фожиали тақдири тўғрисидаги қадимий қирғиз афсонаси юксак тарбиявий аҳамиятга эга. Унда ривоят қилинишича, азалий қирғиз юртида Хўжаёш исмли уста мерган овчи севикли ёри висолига етишмоқ ниятида қадамида учраган ҳайвону қушларга аёвсиз қирғин келтиради. У ойдин тунда қўшиқ айтиб, келинтушди қилаётган сув каламушларини ҳам битта қўймай бўғиб ўлдиради; тоғ дараларидаги ёввойи эчкиларни ваҳшийларча қира бошлайди. Тирик қолган Кулранг Эчки бағритош овчидан шафқат тилаб, илтижо қилади. «Бизнинг авлодимиздан фақат бир жуфт эчки қолдик. Наслимизни давом эттиришимиз учун имкон бергин, бизни қириб юборма!» – деб йиғлаб юборади. Лекин Хўжаёшнинг тош қотган қалби инсоний раҳм-шафқат туйғуларидан буткул мосуво: у Кулранг Эчкини шу заҳоти отиб ўлдиради. Эчкилар наслининг уруғини қуритгани учун юрак-бағри қон бўлган совлиқ эчки Хўжаёшни қаттиқ лаънатлайди ва ақлли тадбир ишлатиб, ўзини ўлдирмоқчи бўлган золим овчини ғайришуурий равишда одам оёғи етмаган тик қоя устига чиқариб қўяди. Хўжаёш муқаррар ҳалокатга маҳкум этилади. У шафқатсиз, бемеҳр бўлгани учун ўзини қарғаб, ўкраб-ўкраб йиғлайди, пешонасига муштлаб-муштлаб, оҳу афғон чекади. Надоматлар бўлсинки, кечикиб айтилган тавба-тазарру энди тамом фойдасиз эди.

Ҳайвонлар ва қушларга беомон қирғин келтирган юҳо овчи шу тариқа қисмат ажрини олди…

Суҳбатдош М. Шохонов афсонага муносабат билдириб, шундай талқин этади: «Хўжаёш тўғрисидаги афсона – бу инсоний азоб-уқубатларнинг юксак намунаси…»

Шу ўринда даҳо адиб ижодига бир қур назар ташласак, кони фойдадир.

Чингиз Айтматов асарларида қушлар, жониворлар ва ҳайвонлар ҳам кўз ўнгимизда адабий персонажлар сифатида бўй кўрсатади. Ҳолбуки, «Асрга татигулик кун» романидаги Эдигей Бўрон тимсолини туя Қоранор Бўронсиз, «Алвидо, Гулсари» қиссасидаги Танабой образини саман йўрға Гулсарисиз, «Қиёмат» асаридаги Бўстон Ўркунчиев сиймосини вафодор от Дўнкўликсиз айро ҳолда тасаввур эта олмаймиз. Шунингдек, «Асрга татигулик кун» романида келтирилган ривоят ва афсоналардаги машҳур оқин Раймали оға кўз олдимизда мудом қадди-қомати кўркам, улуғвор от Сарала устида дўмбира чертиб, Бегимойга қарата қўшиқ куйлаётган алпозда намоён бўлади; буюк жабрдийда Найман она ёвуз жунгжанглар томонидан манқурт этилган ўғли Жўломонни излаб, ҳайҳотдай Сариўзак даштларида учқур туяси Оқмоя устида елиб бораётган ҳолда тасаввуримизда гавдаланади. «Тўрт Томон Дунё Ҳукмдори» орзусида ёнаётган ҳоқон Чингизхон оқ ёлли, думи қора, суюкли тўриқ оти Хуба устида мингашиб, ўз ҳолига шукуҳли ўйлар сураётган кўйда хаёлимизда гавдаланса, юзбоши Эрдене садоқатли ва айрилмас оқ қашқа оти Оқюлдуз устида шафқатсиз ҳоқоннинг қаҳрига йўлиққан шўрлик аёли Дўғулангни муқаррар қатлдан қай илож қутқариб қолмоқ умидида махзун хаёлга толганча изтироб оловида қовурилаётган ҳолатда намоён бўлади.



Ваши рекомендации